БЕМОРЛАРГА ЯНГИ ҲАЁТ БАХШ ЭТИБ…

aaaaaaaaaaaaaaaaaaaaaaaaaaaaaaaaaaaaaaaaСоғлом она ва бола йили Давлат дастури ижросини таъминлаш, беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатишни янада юксалтириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Голландиянинг “Philips Healthcare” компанияси билан ҳамкорликда вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази қошида интервенцион кардиология бўлимини ташкил этиш лойиҳасини амалга оширди.

Лойиҳа доирасида бу тиббиёт маркази энг замонавий ва юқори сифат даражасидаги “Philips Allura Clarity” русумли ангиография мажмуаси билан таъминланди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев иштирок этди ва ушбу ноёб тиббий жиҳознинг вилоятимизга келтирилиши аҳоли саломатлигини сақлаш йўлидаги яна бир хайрли қадам бўлганлигини эътироф этди.

Тадбирда сўз олганлар юртимизда тиббиётнинг тараққий этиб бораётгани, натижада энг мураккаб жарроҳлик амалиётларини энди ўзимизнинг шифокорлар муваффақиятли амалга ошираётганликларини таъкидладилар.

Ўрта Осиёда ягона бўлган бу тиббий жиҳозлар мажмуаси барча турдаги томир хасталикларини даволашда муҳим аҳамиятга эга. Кардиология, қон томирлар ва кўкрак қафаси хирургияси, нейрохирургия, неврология, эндокринология ҳамда урология соҳаларида беморлар дардига шифо топилади.

Эндоваскуляр хирургия соҳасида етук мутахассислардан бири бўлган доктор Павел Ващила жорий йилнинг 11-18 январь кунлари мазкур ангиография мажмуасини клиник амалиётда қўллаш борасида мутахассисларга назарий  ва амалий машғулотлар олиб борди. Шунингдек, маҳорат дарслари орқали таниқли хирург ва ўзбек мутахассислари иштирокида кардиология ёрдамига муҳтож бўлган бир қатор беморларга вилоятимизда илк марта нодир жарроҳлик амалиётлари амалга оширилади.

– Интервенцион кардиология бўлимининг очилиши ва вилоятингизга ангиография мажмуасининг келтирилиши нафақат тиббиёт, балки Фарғона тарихида ҳам улкан янгилик, катта воқеликдир, – дейди Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази директор ўринбосари Миржамол Зуфаров. – Бир пайтлар биз фантастика деб ўйлаган бу ноёб юқори технология ёрдамида бугун бажариш мушкул бўлган энг қийин жарроҳлик амалиётларини энди ўзимизнинг шифокорлар бажарадилар. Билимга  чанқоқ, интилувчан ёш мутахассисларимиз бу ускуна билан ишлашга тайёр. Оёқ учидаги майда томирлардан тортиб бош мия томиригача ангиография текширувидан ўтказилади. Қўлдаги томир орқали мия томиридаги нуқсонни тузатиш имкони бор. Барча бажарилаётган амаллар экранда намоён бўлади. Энди юрак хуружи, инфарктнинг олди олинади. Бундай хасталикка чалинган беморлар хорижда эмас, энди фарғоналик мутахассислар томонидан даволанилар. Бу эса Фарғона аҳлига ҳақиқий туҳфа десам хато қилмайман.

Тиббиёт марказида юрак-қон томирлар касалликлари диагностикаси ва уни замонавий даволаш усуллари мавзусига бағишланган илмий-амалий анжуман ҳам бўлиб ўтди.

You must be logged in to post a comment Login