«FERGANA OSEANA TEXTILE” Ўзбекистон-Таиланд қўшма корхонаси иш бошлади

SHS_9797

Юртимизга чет эл инвестицияларини жалб этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, шу орқали импорт ўрнини босувчи рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини яққол кўрсатмоқда.

Жаннатмонанд юртимизда Наврўз шукуҳи кезиб юрган шу кунларда – Фарғона туманида янги «FERGANA OSEANA TEXTILE” Ўзбекистон-Таиланд қўшма корхонаси иш бошлади.

Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан ишламаётган ва бўш турган давлат мулки объектларини инветиция мажбуриятлари эвазига “ноль” қийматда бериш бўйича эълон қилган танлов натижаларига кўра “Фарғонадавсувмахсуспудрат” давлат унитар корхонасига қарашли бўш турган бино “Қувасойтаъмирқурилиш” масъулияти чекланган жамиятига инвестиция киритиш шарти билан берилганди.

Жамият томонидан таъмирга муҳтож бинода 15 миллиард сўмликдан зиёд қурилиш ҳамда реконструкция ишлари бажарилиб, кўркам ва замонавий кўринишга келтирилди. Таиланднинг “ROYAL THAI GROUP CO., LTD” компанияси билан тузилган ҳамкорлик шартномасига асосан Германия, Чехия, Туркия ва Швецария каби давлатлардан 6 миллион евро миқдоридаги пахтани қайта ишловчи ва калава ип ишлаб чиқарувчи замонавий жиҳозлар олиб келиб, ўрнатилди.

– Ўзбекистондаги қулай ишбилармонлик муҳити хорижий компаниялар қатори таиландлик инвесторларнинг ҳам эътиборига тушди, – дейди  “ROYAL THAI GROUP CO., LTD” компанияси вакили Ш.Хўжаев. – Ҳозирда вилоятда 100 дан зиёд қўшма корхоналар фаолият кўрсатаётгани ҳам бу ерда  қулай инвестициявий муҳит яратилганлигига ёрқин далилдир. Шу боис биз ҳам бу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, Фарғонада ана шундай замонавий қўшма корхона очишга қарор қилдик. Ўйланманки бу ҳамкорлигимиз бардавом бўлади.

Ҳозирда тўла қувват билан иш бошлаган қўшма корхонада йилига 3600 тонна  пахта ҳом ашёси қайта ишланиб, сифатли ва рақобатбардош калава ип ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Ишлаб чиқарилган жаҳон тўқимачиларига маъқул маҳсулотлар эса Европа давлатларига, хусусан, Россия ва Хитойга экспорт қилиниши режалаштирилмоқда.

Мазкур корхонанинг ишга туширилиши натижасида 200 нафардан зиёд янги ишчи ўрни яратилди. Эътиборлиси, муқим иш ўрнига эга бўлганларнинг 110 нафардан зиёди касб-ҳунар коллежлари битирувчиларидир.

– Корхона фаолияти янада ривожлантириш учун қўшимча бино қуриш ва янги цехларни ишга туширишни режалаштирганмиз, – дейди қўшма корхона раҳбари Алишер Ортиқов. – Ана шунда ишлаб чиқараётган маҳсулотимиз ҳажми икки ҳиссага кўпаяди. Энг муҳими, яна 200 дан зиёд ишчи ўрни яратиб, ёшларни иш билан таъминлаш имконига эга бўламиз.

Наврўз айёми арафасида қўшма корхонанинг очилиш маросими катта тантанага айланиб кетди. Унда туман фаоллари, нуронийлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Тадбирда вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев иштирок этиб, қўшма корхона Фарғона тумани аҳлига чинакам байрам туҳфаси бўлганини, унинг истиқболи эса ишчи-ходимларнинг ҳалол ва самарали меҳнати, ёш мутахассисларнинг фаоллиги билан чамбарчас боғлиқ эканлиини таъкидлади.

– Ишонамизки, улкан мақсадларни кўзлаб иш бошлаган корхона тез орада жаҳон бозорида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлади. Вилоятимизнинг экпорт салоҳиятини янада юксалтиришга муносиб ҳисса қўшади, – деди вилоят раҳбари.

Шундан сўнг нуронийлар иштирокида тугма босилиб, замонавий дастгоҳлар ишга туширилди. Меҳмонлар дастгоҳларнинг ишлаши, уларни моҳирона бошқараётган касб-ҳунар коллежларини тамомлаган ёш мутахассислар фаолиятини кузатдилар.

– Лоғон агросаноат касб-ҳунар коллежини тамомлаб, шу корхонада иш бошладим, – дейди оператор вазифасида ишлаётган Дилфуза Абдураҳмонова. – Мен билан бирга кўплаб тенгдошларим бу ерга ишга жойлашди. Коллежда олган билимларимизни амалиётда қўллаб, тажриба орттиряпмиз. Келажакда енгил саноат соҳасини пухта ўзлаштириб, етук мутахассис бўлиш ниятидаман.

Тантанали очилиш маросими қорхонанинг Наврўз байрами тадбирига уланиб кетди. Дастурхон ёзилиб, унга миллий  ва баҳорий таомлар тортилди. Вилоятимизнинг таниқли санъакторлари, рақс дасталарининг чиқишлари ишчи-ходимларга байрамона кайфият улашди.

Байрам арафасида юксак мақсадларни кўзлаб фаолият бошлаган қўшма корхонада ишлаб чиқарилаётган калава ип маҳсулотлари эрта-индин жаҳон бозорига йўл олади. Бу саъй-ҳаракатлар эса юртимиз иқтисодиётини ривожлантиришга, аҳоли фаровонлигининг ортишига муносиб улуш қўшиши шубҳасиз.

You must be logged in to post a comment Login