Ярмаркада 200 дан зиёд янги технологиялари ва ишланмалар намойиш этилди

8

 

Тараққиётимизни илм-фан ривожисиз тасаввур этиш мушкул. Шу боисдан инновацион технологиялар, ихтироларни ҳаётга кенг татбиқ этиш масаласи устувор аҳамият касб этмоқда. Бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда Президентимизнинг 2008 йил 15 июлда қабул қилинган “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга тадбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Мустаҳкам ҳуқуқий асоснинг яратилгани боис 2012-2015 йилларда республикамизда 1800га яқин янги ихтиролар рўйхатга олинди.

Бу ишларни изчил давом эттириш мақсадида Фарғона политехника институтида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Иқтисодиёт ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар вазирликлари, вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси бўлиб ўтди.

Ярмарканинг очилиш маросимида сўзга чиққан вилоят ҳокими ўринбосари Садриддин Қўчқоров, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ижро аппарати раҳбари Одилхўжа Парпиев, Олий ва ўрта-махсус таълим вазири ўринбосари Ботирали Усмоновлар инновацион технологиялар мамлакат иқтисодиётини юксалтирувчи омил эканлиги, корхоналарнинг инновацион фаоллигини рағбатлантириш, фан ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорлигини таъминлаш зарурлигига алоҳида урғу бердилар.

Шу куни ярмаркада юртимиздаги 50 дан ортиқ олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари 200 дан зиёд янги технологиялари ва ишланмалари билан иштирок этишди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари, фан ва таълим йўналишларида намойиш этилган ишланмалар орасида талаба-ёшларнинг лойиҳалари борлиги кўпчиликнинг эътиборини тортди. 

– Ичимлик сувларини тежаш ва ундан оқилона фойдаланиш мавзусидаги лойиҳани тайёрлашдан аввал, – дейди Наманган Давлат университети талабаси Мирзоулуғбек Холмирзаев, – Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларидаги кўп қаватли уйларда 1 киши учун қанча миқдорда сув сарф бўлишини ҳисоблаб чиқдик. Оддийгина кир ювиш машинаси ва ваннадан чиқадиган яроқсиз сувни механик тозалаш усули билан қайта ишлаб истеъмол қилиш мумкин экан. Унинг самарали эканлигини синовдан ўтказдик. Бунинг амалий натижаси орқали кўп миқдорда тоза ичимлик сувини тежалишига эришамиз.

Шу кунги ярмаркада энергетика ресурсларини тежайдиган технологиялар, Ўзбекистон иқлимига мослаштирилган ўсимликларни кўпайтириш, биноларни локал иситиш ва ёритиш тизими, қишлоқ хўжалигидаги янгиликлар, маҳаллий ҳомашё асосидаги янги ишлаб чиқаришга оид ғоялар анжуман қатнашчиларининг катта қизиқишига сабаб бўлди. Мисол учун Фарғона политехника институтининг энергетика факультети томонидан светодиодли кўча чироқларини ишлаб чиқиш лойиҳаси ҳам диққатга сазовор. Бундай чироқлар энергия тежамкорлиги, сифатининг юқорилиги, узоқ муддатга яроқлилик хусусиятлари билан кўп афзалликларга эга. Институт профессори, техника фанлари доктори Сирожиддин Эргашев буни қуйидагича изоҳлади:

 – Қайта тикланувчи қувватларни ишлаб чиқиш бугун долзарб масала бўлиб турибди. Қуёшдан қувват олувчи бу нурафшон чироқлар экологик безарар бўлибгина қолмай, 70 фоиз энергияни тежайди. Оддий лампочкалардан фарқи унинг узоқ муддатга чидамлилигидир.

Ярмарка якунида иштирокчилар ҳамда вилоятдаги фермер хўжаликлари, саноат корхоналари ва ташкилотлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

You must be logged in to post a comment Login