ЯНГИ ЦЕМЕНТ ЗАВОДЛАРИ ВОДИЙ ЭҲТИЁЖИНИ ТЎЛИҚ ҚОПЛАЙДИ

photo_2016-03-28_19-15-01

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб Президент Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий соҳаларни ислоҳ этиш, эркин тадбиркорлик фаолиятини қарор топтириш борасидаги ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари асосида тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олишнинг хабардор қилиш тартиби жорий этилди, уларнинг молия-хўжалик фаолиятини фақат солиқ идоралари текшириши мумкинлиги ва тадбиркорларга нисбатан ҳар қандай санкциялар суд қарорига биноан қўлланилиши белгиланди, шунингдек ҳисобот тақдим этишнинг барча шакллари ва турлари, тадбиркорлар фаолиятига асоссиз аралашув ва текширишлар сони кескин қисқартирилди.

Бунинг натижасида иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари ва соҳаларида хорижий инвестициялар иштирокида 5 мингга яқин корхона ташкил қилинди ва муваффақиятли фаолият юритмоқда. Шунингдек, ўзлаштирилган хорижий инвестициялар тузилмасида тўғридан-тўғри инвестициялар салмоқли ўрин тутади, уларнинг улуши 80 фоиздан ортиқни ташкил этди. Ҳар йили мамлакат иқтисодиётига киритилаётган инвестиция умумий ҳажмининг 26,6 фоиздан кўпроғи тўғридан-тўғри хорижий сармоялар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу эса хорижий инвесторларнинг республикамиз иқтисодиёти барқарорлигига, уни ривожлантириш истиқболларига қизиқишини ҳамда ишончини янада орттирмоқда.

Яратилган ушбу имкониятлардан фойдаланиб, Фарғона вилояти “Jo‘ydam ta’mir qurilish” масъулияти чекланган жамияти ҳамда Хитой Халқ республикасининг “Тонгли”, “Баодин Сэньчэн”, ҳамда “Шанфэнг” компаниялари иштирокда қўшма корхоналар ташкил этиш бўйича шартнома имзоланган.

Унга кўра Андижон вилоятининг Булоқбоши тумани ҳамда Фарғона вилояти Ўзбекистон туманининг Шўрсув шаҳарчасида ҳар бирида суткасига 5000 тоннадан цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкил этилиши режалаштирилган. Булоқбоши туманида жорий йилнинг 1 апрелдан бошлаб қурилиш-монтаж ишлари бошланади. Ушбу лойиҳага хитойлик ҳамкорлар томонидан 200,0 миллион АҚШ долларидан ортиқ инвестиция киритилиши белгиланган. Корхоналарнинг қурилиш ишларига сарф этиладиган маблағлар “Асака” ДАТБ ҳамда ДТ “Халқ банки” Фарғона филиаллари томонидан молиялаштирилиши кўзда тутилган.

– Мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов раҳнамоликларида юртимизда қулай ишбилармонлик муҳитининг барпо этилгани  бутун дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда, – дейди “Jo‘ydam ta’mir qurilish” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Акбаржон Якубжанов. – Биз ҳам жамиятимиз негизида цемент заводи қуришга аҳд қилдик. Шу кунларда Андижон вилояти Булоқбоши туманида қурилиш ишлари бошланади. Шўрсув шаҳарчасида эса қурилиш ишлари июль ойидан бошланади. Қайд этиш жоизки, цемент ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хом ашё маҳсулотлари 100 фоиз маҳаллий конлардан олинади.

Бугунги кунда Фарғона вилоятида фаолият кўрсатаётган “Қувасой цемент” АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар водий эҳтиёжининг 37 фоизини ташкил этади холос. Қолган қисми бошқа вилоятлар ёки қўшни мамлакатлардан валюта эвазига сотиб олинмоқда. Эндиликда эса ушбу корхоналарнинг ташкил этилиши ҳудудларда 800 га яқин янги иш ўринлари ташкил этилиши билан бирга, водий аҳолисининг цементга бўлган эҳтиёжи тўлиқ қопланади.

You must be logged in to post a comment Login