ТАДБИРКОРЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШДА АДЛИЯНИНГ РОЛИ ҚАНДАЙ?

8

Бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун мамлакатимизда кенг шарт-шароит, имтиёз ва кафолатлар яратиб берилди. Бунинг натижасида давлатимиз иқтисодиёти жадал суръатларда ўсиб бормоқда.

Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, уни қўллаб-қувватлаш борасидаги қонунчиликнинг такомиллаштирилиши туфайли ҳозирда мазкур соҳада фаолият юритаётган субъектларнинг  молия-хўжалик фаолиятини текшириш ва тафтиш қилиш белгиланган тартибда фақат давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилиши, уларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларининг фақат суд тартибида қўлланилиши белгиланди.

Назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган текширишлар сони тубдан қисқартирилди, топшириладиган ҳисобот турлари камайтирилди. Бунинг самарасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2000 йилдаги 31 фоиздан бугунги кунда 51 фоизга етди, иш билан банд аҳолининг 81,2 фоизи ушбу соҳада меҳнат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 май куни қабул қилинган “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони назорат қилувчи органлар фаолияти қонунийлиги ва холислигини таъминлашнинг янги талаб ва асосларини ҳуқуқий кафолатлади. Мазкур Фармондан келиб чиқиб, 2015 йил 20 август куни Ўзбекистон Республикасининг 391-сон Қонунининг қабул қилиниши муносабати билан 43 та қонунга (10 та кодекс, 33 та амалдаги қонун) ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Шу ўринда Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил 26 декабрда рўйхатдан ўтказилган “Текширишларни рўйхатга олиш китобини тўлдириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2280-1-сон Низомига мувофиқ  тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашувни тезкорлик билан аниқлаш ва уни бартараф этиш мақсадида текширишларни рўйхатга олишнинг (etk.minjust.uz сайти орқали) онлайн – электрон тизими жорий этилди. Мазкур тизимнинг тўлиқ ишга туширилишини таъминлаб, ўтказилаётган барча текширишлар устидан самарали назорат олиб борилмоқда.

Амалга оширилаётган ишлар натижасида тадбиркорлар фаолиятида ўтказилаётган текширишлар сони ва уларнинг фаолиятига аралашувлар кескин қисқартирилди. Тадбиркорларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ошди. Уларнинг аксарияти  ҳуқуқларини судда ўзлари ҳимоя қилмоқда.

Бунда уларга 38 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ичига олган электрон кўринишдаги қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасидан (LexUz) исталган вақтда бепул фойдаланиш имконияти яратилгани қўл келмоқда.

Шу билан бирга, тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тезкорлик билан тиклашда Адлия органларида жорий этилган «Ишонч телефони» ҳам ўз самарасини бермоқда.

Мухтасар айтганда, мазкур вазифаларнинг амалга оширилиши тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, қулай бизнес муҳитини яратиш ва иш фаолияти самарадорлигини таъминлашга ёрдам беради.

You must be logged in to post a comment Login