Эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатилди

11
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 25 йиллиги олдидан вилоятимиз шаҳар ва туманларида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга байрам совғалари топширилди.

Бешариқ туманида бўлиб ўтган тадбирда сўз олган МХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Топволди Холдоров ва бошқалар йиғилганларни байрам билан муборакбод этиб, тинч ва осуда ҳаётимизга шукрона келтириш, унинг бардавом бўлишига барча бирдек маъсул эканлигини таъкидлаб ўтдилар. Тумандаги 80 та эҳтиёжманд оила вакилларига тадбир ташкилотчилари томонидан совғалар тақдим этилди.

Фурқат туманида ўтказилган тадбирда ҳам ташкилотчилар йиғилганларни Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги байрами билан табриклаб, 60 дан ортиқ оилаларга совғалар топширдилар.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Яҳёбек Мўминов ва хушовоз хонанда Мансурхон Нурматовларнинг қўшиқлари барчага байрамона кайфият улашди.

– Бу эътибордан кўнглимиз тоғдек кўтарилди, – дейди Фурқат туманида истиқомат қилувчи Нигора Толипова. – Тадбир ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигимни билдирар эканман, юртимиз ҳамиша тинч, шу каби байрамлар бардавом бўлишини  тилайман.

Бувайда тумани маданият ва аҳоли дам олиш марказида 80 та эътиборга муҳтож оилалар учун байрам ташкил этилди. Дил сўзларида, ижро этилган куй-қўшиқлар, рақсларда тинчликка шукроналик ўз ифодасини топди. Эҳтиёжманд оилаларга совғалар улашилди.

Байрам муносабати билан Ўзбекистон туманидаги 90 та кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилалар вакиллари тадбирга таклиф этилдилар. Истиқлол байрами арафасида бу каби совғаларнинг топширилиши кам таъминланган хонадон соҳибларига кўрсатилаётган эътиборнинг яна бир ифодасидир. Оилалар вакиллари ғамхўрликлар учун Президентимизга ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.

Байрам тадбирлари Учкўприк, Бағдод, Данғара ва Риштон туманларида ҳам ўзгача тантана билан нишонланди. Қишлоқ ва маҳаллаларда истиқомат қилаётган кам таъминланган оилалар вакиллари учун концерт дастурлари намойиш этилди. Санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар, билдирилган дил изҳорлари юртдаги тинчликдан далолатдир.

– Тақдим этилган совғалар билан хонадонимга, оиламга қанчалик хурсандчилик кириб борганлигини таърифлай олмайман, – дейди бағдодлик Шарофатхон Раҳмонова. – Мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрами олдидан бу каби тадбирлар албатта юртимиздаги тинчлик ва фаровонликдан нишонадир.      

Қўқон шаҳридаги 80 та оила вакиллари тўпланган тадбир ҳам элимиз ардоғидаги санъаткорларнинг куй-қўшиқлари билан янада шукуҳли кечди.

Бундай файзли байрам тадбирлари вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида ҳам бўлиб ўтди.

You must be logged in to post a comment Login