Ҳеч ким меҳр-эътибордан четда қолмасин

13

Фарғонада элимизнинг ардоқли санъаткорлари, эстрада юлдузлари иштирокида “Меҳрибонлик” ва “Мурувват” уйларида концерт дастурлари уюштирилмоқда.

Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Абдурашид Йўлдошев, Яҳёбек Мўминов, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари Сайёраи Жаҳон, Адҳам Солиев, Малика Эгамбердиева Фарғона шаҳридаги 220 нафар ўғил-қиз тарбияланаётган “Мурувват” уйида кичкинтойлар учун яратилган шароитлар билан танишдилар. Алоҳида эътиборга муҳтож болалар билан суҳбатлашдилар.

Бўлиб ўтган концерт дастури аввалида мамлакатимизда ўғил-қизлар учун яратилган имкониятлар алоҳида таъкидланди.

Шундан сўнг дили ҳамиша меҳрга ташна бўлган болажонлар машҳур санъаткорларнинг қўшиқларига яйраб ўйнадилар.

Болажонларимиз байрам шукуҳидан шодон. Улар қувончларини кўриб, биз тарбиячиларнинг ҳам кўзларига ёш келди, – дейди Шаҳло Жамилова.

– Истиқлолимизнинг 25 йиллиги, Универсиада мусобақалари олдидан Фарғона янада жозибали қиёфага кирибди, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков. – Фарғоналикларнинг шижоати, кайфиятини кўриб, куйлагингиз келиб кетади. “Мурувват” ва “Меҳрибонлик” уйларидаги шароитларни кузатиб, ҳар бир бола давлатимиз, Президентимиз эътиборида, ардоғида эканлигини ҳис этасиз. Бугун шу маскандаги болалар юзига қувонч ҳадя эта олган бўлсак, ўзимизни бахтиёр сезамиз.

Бола кулса – олам кулади, дейдилар.

Байраминг муборак, азиз болажон!

You must be logged in to post a comment Login