Универсиада: талабалар фикри қандай?

logo_new

Фарғонада талабалар ўртасидаги Универсиада спорт мусобақалари 26-28 май кунлари кўтаринки руҳда ўтди. Қуйида ушбу спорт мусобақалари айрим иштирокчиларининг фикрлари билан танишишингиз мумкин.

Маттиев Улуғбек, Хоразм Давлат университети жисмоний маданият факултети 3 курс талабаси:

–Спорт ёшларни нафақат жисмонан чиниқишига, соғлом униб ўсишига, балки мана шундай спорт байрамлари, турли тадбирлар орқали дўсту қадрдонларга эга бўлишига хизмат қилади. Биз ёшларга, қаратилаётган юксак эътибор, ҳудудларда  бунёд этилаётган турли спорт иншоотлари  ёш спортчиларни ўз маҳоратини шакллантириб, улкан ютуқ ва ғалабаларга эришишимизга мустаҳкам замин яратмоқда. Хоразм вилоятида ҳам спортчи ёшларни ҳар томонлама қўллаб қувватлашга муҳим аҳамият қаратиб келинади. Шу боис спортчи йигит қизларимиз спортнинг турли йўналишлари бўйича Ўзбекистон, Осиё ва Жаҳон чемпионатларида  совринли ўринларни қўлга киритиб келишмоқда. Мазкур Универсиада орқали спортнинг сузиш тури бўйича қатнашаяпман. Ишонамизки албатта кўзланган маррани албатта забт этамиз.

Илҳом Ўтиқов, Ажиниёз Номидаги Нукус давлат педагогика институти талабаси:

– Универсиадада қатнашиш учун Қорақалпоғистон Республикасидасидан гўзал Фарғонага келдик. Таёрагоҳга кириб келишимиздан бошлабоқ меҳмондўст фарғоналиклар бизни яқин қадрдон инсонлар каби, оға-инилардек кутиб олишди. Шундан англаш мумкинки, бундай мусобақалар  дўстлик, ёшлик, бирдамлик байрамидир. Универсиадада мен  спортнинг стол тенниси тури бўйича иштирок этиб, ғолиблар сафидан ўрин олишга ҳамда олий даргоҳимга олий ўринлар билан қайтишни ният қилганман.

Сарвиноз Қурбонбоева, Гулистон давлат университети талабаси:

– Сирдарёлик  спортчи ёшлар сафида Универсиадада иштирок этиш учун гўзал Фарғонага етиб келдик. Ушбу нуфузли мусобақада  спортнинг шахмат тури бўйича иштирок этаман. Юртимизда спортнинг барча турлари ёшлар орасида тобора оммалашиб бормоқда. Бу аввало давлатимиз томонидан спортни ривожлантиришга, спортсевар ёшларни ҳар томонлама қўллаб қувватлашга қаратилаётган  юксак эътибор туфайлидир. Мен ҳам болагимдан  спортнинг шахмат тури билан шуғулланиб келаман. Ўтган йиллар давомида 16 карра Ўзбекистон чемпиони, 2 карра жаҳон чемпиони деган юксак шарафга сазовор бўлдим.

Достонбек Мелиев, Термиз давлат университети талабаси:

– Сурхондарё вилоятининг Термиз давлат университетида таҳсил олиш билан бирга спортнинг ДЮЗДО тури билан шуғулланиб келаман. Жорий йилда Фарғонада ўтказилаётган Универсиада спорт мусобақасида  қатнашаётганимдан бениҳоя хурсандман. Шу йиллар давомида ДЮЗДО спорт тури бўйича 4 карра Ўзбекистон чемпиони, 2 карра жаҳон чемпиони ғолибига айландим. Спорт ёшларни бирдамликка, дўстликка, катта-катта ютуқларга эришишларига ва  улкан марраларни забт этишларига доимо чорлаб туриши билан ҳам уларнинг ҳаёти ва келажагида ёрқин из қолдиради.

Маруф Хидиров, Қарши давлат университети талабаси:

– Қашқадарёда спортсевар ёшларнинг спортнинг барча турлари билан шуғулланишлари учун кенг имкониятлар яратилган. Ана шу эътибор туфайли биз ёшлар спорт билан мунтазам шуғулланиб,  қўша-қўша ғалабаларга эришаяпмиз. Жорий йилда Қозоғистон Республикасининг Чимкент шаҳрида бўлиб ўтган халқаро турнирда  биринчи ўринга сазовор бўлиб қайтдим. Шунингдек 4 карра Ўзбекистон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлганим мураббийларимнинг машаққатли меҳнатлари самарасидан далолат беради. Универсиадада спортнинг ДЮЗДО тури бўйича қатнашиб яна бир ғалаба билан вилоятимга қайтишни мақсад қилганман.

You must be logged in to post a comment Login