ФАРҒОНАДА УНИВЕРСИАДА СПОРТ МУСОБАҚАЛАРИ ЯКУНЛАНДИ

17

Фарғонада мамлакатимиз олий таълим муассасалари талабаларининг «Универсиада — 2016» республика спорт ўйинлари финал босқичи якунланди

Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллик тўйи арафасида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, беқиёс даражада кўркамлашган ва чирой очган олтин водий гавҳари — Фарғона шаҳри уч кун давомида ёшлик ва нафосат, гўзаллик ва баркамоллик байрами нафаси билан яшади.

15

Ёш авлоднинг жисмонан соғлом ва ҳар томонлама баркамол улғайишида Пре­­зидентимиз ташаббуси билан мунтазам ўтказиб келинаётган уч босқичли спорт тизими — «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» спорт ўйинлари ва Универсиада баҳслари муҳим аҳамият касб этмоқда. «Кичик олимпиада» номини олган бу спорт тизими бугун чин маънода Ўзбекистон ёшларини ҳар жиҳатдан тоблайдиган, олий мақсадлар сари дадил чорлайдиган спорт байрамига айланиб улгурди.

Еттинчи маротаба ўтказилган ушбу тизимнинг бош бўғини — Универсиадада Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардан ташриф буюрган ўн тўртта терма жамоа спортнинг ўн беш тури бўйича ғолиблик учун майдонга тушди. «Универсиада — 2016» мусобақалари шаҳар ва вилоят саралаш босқичларида 165 мингдан зиёд талаба-спортчи қатнашди. Улар орасидан сараланган 900 нафардан зиёд йигит-қиз ўзига хос спорт фестивалида маҳоратларини намойиш қилди.

«Универсиада — 2016» мусобақалари қатнашчилари тимсолида бугун катта ҳаётга қадам қўяётган, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган ёшларимиз гавдаланади. Мусобақада халқ­аро спорт ареналарида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиб, юқори натижаларга эришаётган тажрибали спортчилар билан бирга янги-янги иқтидор эгалари кашф этилди. Олимпия тамойиллари асосида Фарғона шаҳридаги «Истиқлол» стадиони, теннис кортлари, Фарғона давлат университети, Политехника институти, Олимпия захиралари спорт коллежи, вилоят ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг спорт майдонлари ва саройларида ўтказилган мусобақалар чинакам байрам тусини олди.

Мусобақалар якунида энг кўп медаль жамғариб, биринчи ўринни эгаллаган Тошкент шаҳри жамоаси бош мукофот — Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг «Универсиада — 2016» спорт ўйинлари иштирокчиларига йўллаган табригининг асл нусхаси ва Президент совғаси — «Дамас» автомобили билан тақдирланди. 

16

Умумжамоа ҳисобида иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган Фарғона ҳамда Самарқанд вилоятлари талаба-спортчиларига Ўзбекистон Республикаси Президенти сов­ғаси — «Дамас» автомобиллари топширилди. 

Кескин ва муросасиз кечган баҳсларда алоҳида маҳорат кўрсатган, тенгқурлари орасида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ талаба-спортчилар турли номинация­лар бўйича махсус совринларни қўлга киритди.

— Қўл тўпи бўйича йигитлар ўртасида ўтказилган баҳс­ларда вилоятимиз терма жамоаси кумуш медаль билан тақдирланди, — дейди Қашқадарё вилояти терма жамоаси мураббийи Фазлиддин Аралов. — Шогирдларимизнинг барчаси мамлакатимизда ўтказиб келинаётган уч босқичли спорт тизими қуйи бўғини — «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» спорт ўйинларида иштирок этиб, ўз маҳоратларини оширган. Уларнинг кўпчилиги бугунги кунда мамлакат ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари таркибида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётганлигидан фахрланаман. Саралаш бос­қичида Сурхондарё, Самар­қанд, Навоий вилояти терма жамоаларини енгиб, медаллар учун курашни давом эттирдик. Фарғонада ярим финалда мезбонларга қарши жуда кескин ўтган баҳсда ғалаба қозондик. Олтин медаль учун кечган учрашувда эса қорақалпоғистонлик спортчиларга имкониятни бой бердик.

— Фарғонага биринчи марта келишим, — дейди жиззахлик талаба Азиза Абдумуродова. — У таърифлашганидан ҳам кўркам ва чиройли эканлигини ўз кўзим билан кўрдим, гувоҳ бўлдим. Ҳозирда Жиззах давлат педагогика институти жисмоний маданият факультети иккинчи босқич талабасиман. Универсиадада сузиш баҳсларида ўз омадимни синаб кўрдим. Фар­ғонада ўтган ҳар бир кунимиз ҳаётимизда ўчмас из қолдирди. Айниқса, мусобақаларнинг тантанали очилиш маросимини катта ҳаяжон билан кузатдик. Президентимизнинг «Универсиада — 2016» спорт ўйинлари иштирокчиларига йўллаган табригида ҳар қайси йигит-қиз ўз устида тинимсиз ишлаши, иродасини чиниқтириши, бу йўлдаги қийинчиликлар олдида бўш келмай, ғалабага эришиш учун ўзини аямасдан курашиши кераклиги ҳақидаги гапларидан қаттиқ ҳаяжонландим.

…Стадион узра мусиқа садолари янгради. «Универсиада — 2016» республика спорт мусобақалари финал босқичининг байроғи туширилди. Уни фарғоналик ёшлар нав­батдаги Универсиадага мезбонлик қиладиган Самарқанд вилояти вакилларига топширди. 

Тантанали ёпилиш маросими спортчиларнинг кўр­газмали чиқишлари ва санъаткорларнинг катта концерти билан якунланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев иштирок этди. 

 

You must be logged in to post a comment Login