ИДРОКЛИ ОИЛАЛАР БЕЛЛАШУВИ

IMG_9759Андижон олимпия заҳиралари спорт коллежида шахмат ва шашка спорт турлари бўйича “Биз ақл-идрокли оилалармиз” шиори остидаги оилавий шахмат мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
IMG_9803Вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада Андижон шаҳри ва барча туманлардан 16 та оила ўзаро баҳс олиб борди.
IMG_9815Мусобақанинг муҳим шартига асосан ҳар бир жамоа бобо, буви, ота, она ва 13 ёшдан ошмаган икки нафар фарзанддан иборат ва улар ўз ёшига қараб рақиблари билан дона суришди.
-Қадимий ақл-идрок ўйини саналган шахмат ва шашкани маънавиятимизнинг бир бўлаги сифатида эъзозлаш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг мантиқий тафаккур даражасини ўстириш, оилалар ўртасида спортнинг ушбу турларини янада кенгроқ тарғиб этиш мақсадида фонд томонидан мазкур мусобақа ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинмоқда. Шу билан бирга мазкур турнир оилаларни спорт мусобақаларига оммавий равишда жалб этиш, улар ўртасида бирдамликни таъминлаш ва ўзаро маданий-спорт алоқаларини йўлга қўйишга хизмат қилмоқда, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Андижон вилояти бўлим бошқарувининг етакчи мутахассиси Бобуржон Фахриддинов. – Оилаларда соғлом муҳит барқарорлигини таъминлаш, айниқса, шахмат-шашкага қизиқувчи оилалар, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида ташкил этилган турнирнинг маҳаллалараро босқичи 867 фуқаролар йиғинида ўтказилиб, уларга 13 минг 754 га яқин оила аъзолари жалб этилди.
Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар давомида кучли эканлигини исботлаган қўрғонтепалик Абдурайимжон Ашуровлар оиласи тенгсиз деб топилиб, мусобақанинг республика босқичида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди. Иккинчи ўрин улуғнорлик Адҳамжон Шокировлар оиласига, учинчи ўрин эса Андижон шаҳридаги Имойиддин Хожааҳмедовлар оиласига насиб қилди.
-Бу йил 83 ёшни қаршиладим, – дейди ғолиб иштирокчи Абдурайимжон Ашуров. – Биз кексаларни қадрлаган, иззат-икром кўрсатган Президентимиздан чексиз миннатдормиз. Шу ёшга кириб, чинакам доруломон кунларни, тўқчилик, хурсандчилик ва эътиборни энди кўрдик. Буҳам мустақиллигимиз шарофати, тинч-омон кунларимиз саодатидир. Қарияларни спортга кенг жалб этиш, уларни соғломлаштириш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар жамиятимизда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган катта эътибор, эъзоз натижасидир.
Ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалар топширилди.IMG_9759

Умиджон МАМАРАСУЛОВ

You must be logged in to post a comment Login