Фарғонада ноисломий диний ташкилотларнинг вакилларига янги йил совғалари топширилди

5185

Айни кунларда мамлакатимизда Янги йил байрами шодиёналари давом этмоқда. Фарғонада ноисломий диний ташкилотларнинг вакиллари иштирокида бўлиб ўтган  байрам тадбирида уларга алоҳида эҳтиром кўрсатилди.

Бугун юртимизда 2 минг 200 дан зиёд диний ташкилот, 130 дан ортиқ миллат вакилларидан иборат қарийб 140 миллий-маданий марказ, Имом Бухорий халқаро маркази, Тошкент ислом университети, ислом институти, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари, православ ва протестант семинариялари фаолият юритмоқда. Мамлакатимиздаги диний конфессия вакиллари аҳил-иноқ яшаб, жамият ҳаётини равнақ топтириш йўлида самарали меҳнат қилаётир. Улар ўз диний байрамлари ва эътиқод амалларини эмин-эркин адо этмоқда. Республика Байналмилал маданият маркази барча фуқароларнинг миллий қадриятларини ривожлантириш, уларнинг ўзаро аҳиллиги ва ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда. Хусусан, Фарғона вилоятида бугунги кунда 7 та миллий маданий марказ ҳамда 12 та ноисломий диний ташкилот фаолият кўрсатмоқда.

Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан вилоятда фаолият кўрсатаётган ноисломий диний ташкилот вакиллари ҳамда миллий маданият марказлари раҳбарлари иштирокида Янги йил байрам тадбири ташкил этилди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Қ.Имомов уларни Янги йил байрами билан табриклаб, Ўзбекистонда виждон эркинлигини таъминлаш, миллий ва диний қадриятларни эъзозлаш борасида амалга оширилган кенг кўламли ишлар самарасида миллатлараро ва диний конфессиялараро бағрикенглик, аҳиллик муҳити қарор топганини алоҳида таъкидлади. Хусусан, Фарғона вилоятида ҳам миллий маданий марказлар, ноисломий диний ташкилотларга барча шароитлар яратилган. Фестиваллар, байрамларда улар доимо фаол иштирок этиб келмоқда.

Тадбирда уларга вилоят ҳокимлигининг Янги йил совғалари топширилди. Ноисломий диний ташкилот вакиллари бундай эътибор  учун ўз миннатдорчиликларини билдиришди.

You must be logged in to post a comment Login