Водий вилоятлари бўйлаб электропоезд ҳаракати йўлга қўйилади

18

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, янги лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 22-23 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташриф буюрди. 

Ташриф асносида Президент вилоятдаги амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишар экан Марғилон шаҳридан Қўқон шаҳрига электро поездда келди. Мамлакатимизда электрлаштирилган темир йўллари истиқболлари ҳақида сўз юритиб, буни давом эттириш, халқимиз йўлини равон қилиш – бизнинг асосий вазифамиз. Йўл азоби – гўр азоби, деган гап бор. Биринчи ўринда халқимиз хавфсизлигини ўйлаб бу иш амалга ошириляпти, иккинчи ёзнинг жазирама иссиғи бўладими, қишнинг қаҳратони бўладими, йўловчиларимиз учун ҳар томонлама қулайликлар яратилади, деди Ш.Мирзиёев.

Шу муносабат билан жорий йилнинг ўзида Фарғона-Марғилон-Қўқон ва Фарғона-Марғилон-Андижон йўналишларида электропоездлар қатнай бошлайди.

Фарғона-Қўқон темир йўлининг узунлиги 69,2 километр, Фарғона-Андижон йўналишининг узунлиги 69,5 километрни ташкил этади. 

Вилоятда энг кўп йўловчилар оқими Қўқон шаҳрига, сўнгра Олтиариқ тумани, Марғилон ва Фарғона шаҳарларига тўғри келади. 

Президентимиз топшириғига кўра вилоят марказида йўловчиларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилиш мақсадида электропоездлар қатнови йўлга қўйилмоқда. Электропоездларда арзон, қулай, экологик тоза, хавфсиз хизмат кўрсатилади. 

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан ушбу йўналишлар учун 5 электропоезд модернизация қилинди. Натижада транспорт воситаларининг ташқи ва ички қиёфаси бутунлай ўзгарган. Вагонларга кондиционер ўрнатилган, ўриндиқлар замонавийсига алмаштирилган. 

Ҳар бир поезд 6 вагондан иборат. Бир йўналишда 600 йўловчига хизмат кўрсатилади. Электропоездлар соатига 120 километр тезликда ҳаракатланади. 

Жорий йил охиригача Фарғонадан Марғилонгача бўлган 7,7 километр темир йўлни электрлаштириш ишлари якунланади. Хориждан яна 10 электропоезд олиб келиш режалаштирилган. 

Президентимиз мазкур электропоездлар қатновининг йўлга қўйилиши вилоят аҳолисининг турмуш даражаси ва сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. 

Илгари Фарғонада электропоезд қатнайди деса, биров ишонмасди. Энди Қўқондан Андижонга бир соатда етиб бориш мумкин. Бу ҳам халқимизнинг узоғини яқин қилиш, одамлар манфаатини кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотларимизнинг мевасидир, деди Шавкат Мирзиёев. 

Лойиҳанинг давомида сифатида Наманган-Андижон-Фарғона қатнови ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилган.

You must be logged in to post a comment Login