Қизиқчилик санъати: ютуқ ва камчиликлар

Қизиқчилик қадимдан ривожланган сўз санъати ҳисобланади. Бу соҳада юртимизда ўзининг иқтидори, топқирлигю ҳозиржавоблиги билан элнинг кўнглидан жой олган санъаткорлар кўп.
Сади Махсум, Ака Бухор, Юсуфжон Қизиқ Шакаржонов, Зокир гов, Зокир Эшон, Мухиддин Дарвеш, Рустам Ҳамроқулов, Ҳожибой Тожибоев, Эргаш Каримов, Ҳасан Йўлдошевлар қизиқчиликда ўз мактабини яратган атоқли сўз усталари ҳисобланадилар. Эндиликда ҳам ушбу санъат тури ривожланишдан тўхтаб қолгани йўқ. Бир қатор таниқли қизиқчилар якка ва гуруҳ тарзида ижод қилишмоқда. Ушбу саҳифамизда ўз муҳлисларига эга бўлган ана шундай гуруҳларнинг ижоди ва фаолиятига тўхталамиз.

“Шўрданак” да “маза” кам!

“Шўрданак” гуруҳи биринчи марта 2005 йил 29 декабрда эфирда кўриниш берган. Илк ҳангомаларида қишлоқ оилалари, ундаги турли муаммоларини ёритишга ҳаракат қилган гуруҳ кейинчалик одамлар ўртасидаги муомала-муносабатлар, назардан четда қолган кичик муаммоларни енгил юмор бойитиб, томошабинга тақдим этила бошлади.
“Шўрданак”да дастлаб икки иштирокчи – Эркин Жумаев ва Дониёр Хасанов бор эди. Кейинчалик гуруҳга Нодира Исматова ва Раъно Жўраева жалб этилди. Эътироф этиш керак, гуруҳ ўзига хос услубга эга бўлиб, чиқишларида ҳазил ва мутойибага бой диалоглар томошабинда кулги уйғотади. Актёрлик маҳорати ва сценарий хусусида ҳам илиқ фикрларни билдириш мумкин. Кўрсатувда ортиқча бачканаликлар кузатилмайди.
Маълумки, ҳар бир кўрсатув ўз номига мос келиши керак. “Шўрданак” гурухи ижодкорлари эса мана шу масалани бироз унутаёзгандек. “Шўр” ва “Данак” сўзлари умумлашмасидан иборат бўлган “Шўрданак” бир вақтнинг ўзида “тузли” ва “мағизли” томошалар намойиш этса, кўрсатув мухлислари янада кўпайган бўлармиди?!
 Кўрсатувда энг кўп намойиш этиладиган мавзулар:
* Эр-хотин муносабатлари, оила
* Меҳмондорчилик
* Талабалар ҳаёти

10 йиллик “Қалпоқ”!

Бу кўрсатув 2002 йилда пайдо бўлган бўлса-да, илк бор 2003 йилда эфирга узатилган. Кўрсатувнинг илк иштирокчилари Ориф Султонов ва Рахмонали Суропов бўлган. Кейинчалик гуруҳ таркиби ва репертуарларини кенгайтириш мақсадида Искандар Ҳамроқулов, Ширмон Абдуллаева, Мухтор Халилов, Барно Тешабоева таклиф этилди. “Қолпоқ” ижодкорлари машҳур сериалларга ишланган пародиялари билан эътиборга тушган. Кейинчалик эса ғойибдан келадиган кучлар, фолбинлар, “иссиқ-совуқ” қилиш каби ҳангомалар ўзига хос усулда тайёрланиб, эфирга узатилди. Кўрсатувнинг ўзига хос йўналиши алоҳида таъкидга лойиқ. Лекин чиқишларида ортиқча образлар йўқ эмасдай. Масалан, татар кампир образи одамнинг бироз асабига ўйнайди.
Кўрсатувда энг кўп намойиш этиладиган мавзулар:
* Сериалларга пародиялар
* Иссиқ-совуқ, фолбинлик
* Оилавий масалалар

“Қах-қаха” чилар нега жим?

“Қах-қаха” қизиқчилар театр гуруҳи 1995 йилда ташкил топган бўлиб, унда тўрт иштирокчи, Тохир Рахимов, Фарход Халилов, Сохиб Хасанов, Фахриддин Давронов бор эди. Кейинчалик театрлаштирилган сериал тарзида ишлангандан сўнг Нафиса Хўжақулова, Комила Қаршиевалар ҳам иштирок эта бошлади. Гуруҳ чиқишларида асосан Теша ва Найзангулнинг оиласи, ундаги кулгили воқеалар акс эттирилади. Шу боис томошабинлар ҳар доим ўша “ажойиб оила”нинг янги саргузаштларини кутади. Аммо айрим сабабларга кўра, кўрсатув 2008 йилдан буён эфирга узатилмаяпти. Шунга қарамасдан “Қаҳ-қаха” гурухи 2010 йил ва 2012 йил февралда ўз концерт дастурлари билан мухлисларини хурсанд қилишди.
“Қах-қаҳа” ҳангомалари асосан қишлоқ шароитида рўй берган воқеликлардан иборат. Қишлоқ муҳити ҳақида яхши тушунчага эга бўлмаган одам учун кўрасатувда тасвирланадиган воқеа-ҳодисалар кулгули туюлмаслиги мумкин. Шаҳар ҳаёти ҳақидаги ҳангомаларга эътибор қаратилса, гуруҳ “география”си янада кенгайиши турган гап.
Дарвоқе: “Қаҳ-қаха” ижодкорлари яқин кунларда яна телеэкранлар орқали ўз мухлисларига кутилмаган совға тақдим этишмоқчи. Энди оиланинг эркатойи уйланади. Кўрамиз, келинни бу “Ажойиб оила” қандай қабул қилар экан?

“Мирзо” театри -17 ёшда!

“Мирзо” театр гуруҳи 1995 йилда ташкил этилган бўлиб, ўша йили илк концерт дастури намойиш этилган. Гуруҳ илк бор ташкил этилган вақтда 3 киши – Мирзабек Холмедов, Валижон Шамсиев, Шукрулло Исроиловдан иборат эди. Кейинчалик гуруҳ таркибига Равшан Жўраев, Маъмуржон Холмедов, Ойбек Холмедов, Улуғбек Холмедов ва Аваз Охун каби ижодкорлар “Мирзо”да ўз ўринларини топишди. Бу гуруҳнинг фаолияти кўпчилик томошабинларга манзур бўлиб, энг машҳур театрлаштирилган қизиқчилик гуруҳи сифатида фаолият олиб борди. Гуруҳ ўз даврида жуда машҳур бўлганлиги кўпчиликка маълум. Машҳурлик бораси ҳозир ҳам мавқеини йўқотмаган. Лекин кейинги пайтда ўз ижодларини ретро қилишга кўп урғу беришмоқда. Бачканалик, бехаё сўзлар сафи кўпайиб кетган. Янгилик кам, таниш мавзу, таниш образлар… Бу ҳол “Мирзо”нинг мавқеига соя солаётганини гуруҳ ижодкорларининг ўзлари ҳам билишса керак.
Кўрсатувда энг кўп намойиш этиладиган мавзулар:
* Оилавий масалалар
* Санъаткорларга тақлид
* Спортчи чолнинг трюклари

“Comedy.uz”

Бу кўрсатувнинг ташкил этилганлигига ҳали кўп бўлгани йўқ. 2012 йил 29 январда илк сони эфирга узатилди. Кўрсатувда айнан бир сондаги иштирокчилар қатнашмайди. Ҳар сондаги намойиш этиладиган мавзуга қараб, иштирокчилдар сони ҳам ўзгариб туради. Асосан ёшларга оид мавзуларга урғу берилади.
Дастлабки сонлари катта олқишлар билан қарши олинган эди. Бироқ кейинги вақтлари шунчаки номига суратга олинаётгандек таассурот уйғотмоқда. Иштирокчилар кулгу эмас, фақат шунчаки саҳна кўринишларини ижро этишаётгандек бўлиб қолмоқда. Сценарийлар жуда суст. Бу балки ҳозир кўрсатувнинг шаклланиш жараёни кечаётгани билан боғлиқдир?. Малакали ҳажвчи муаллифлар билан ишлаш йўлга қўйилса, кўрсатув мухлислар қалбини ром этиши турган гап.

“Тақлид шоу”

“Тақлид шоу” гуруҳи 2010 йил 26 ноябр куни илк бор катта саҳнада ўз томошаси билан чиққан. Унга қадар улар алоҳида-алоҳида ижод қилиб келишган. Гуруҳ 5 кишидан иборат бўлиб, режиссёр Саъдулла Абдуллаев бошчилик қилиб келаётган гуруҳда Нурбек Маматов, Сайфиддин Файзиев, Дилмурод Қосимов, Барот Орзиматов ва Фарход Зокиров гуруҳда қилишмоқда. Ушбу гуруҳ ўзбек кулгу санъатига янги “ҳаво” олиб кирди. Гуруҳда Эркин Комилов, Афзал Рафиқов, Ғиёс Бойтоев, Равшан Комилов, Озодбек Назарбеков, Дилноза Исмияминова, Ўткир Сиддиқов каби бир неча ўнлаб санъаткорларнинг овозини ва ташқи кўринишларини профессионал тарзда ўхшатиш имкониятига эга бўлган ёш ижодкорлар фаолият қилмоқда. Гуруҳнинг ҳар бир аъзоси ўз ролларини қойилмақом ижро этмоқда. Нафақат тақлид маромида, балки диалог ва монологлар ҳам жуда кулгули матнлардан тузилган. Томоша қилган одам мириқиб кулиши шубҳасиз.
Аммо шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, ижрочилар асл ўзлигини йўқотиб, бошқа санъаткорларнинг “қолипи”га тушиб қолиш кузатилди. Гуруҳдаги айрим ижролар тобора бир-бирига яқинлашиб бормоқда. Мана шу ўхшашликдан бироз узоқлашиб, оригиналликка янада эътибор кўпроқ ажратилса, кўп вақт мобайнида мухлисларни жалб қила олади.
Кўрсатувда энг кўп намойиш этиладиган мавзулар:
* Ташқи кўринишга пародия
* Овозларга пародия

“Кулгу”да қизлар фаол!

“ Ортиқ Султонов бошчилигидаги “Кулгу”чилар ҳозирда анча фаол ижод қилишмоқда. Ушбу кўрсатув кўплаб ёш қизиқчиларнинг ўз истеъдодларини намоён қилишида ўзига хос мактаб вазифасини ўтамоқда. Дастурда айниқса, қизиқчи қизларнинг чиқишлари алоҳида диққатга молик. Қисқа вақт ичида миниаютура, аския, монолог каби кўплаб жанрлар мухлислар ҳукмига ҳавола қилинмоқда. Кўрсатув ижодкорлари комик сериаллар суратга олиш бўйича ҳам ҳаракатларни бошлаб юборишган.
Юқоридаги қаламга олинган гуруҳларнинг сонига, чиқишларининг сифатига қараб қизиқчилик санъати ютуқ ва муаммолари ҳақида тасаввур олиш мумкин. Бироқ тан олиш керак, “плюс”лардан “минус”лар кўпроқдек. Ҳамма гап шунда. Пировардида, касални даволагандан уни олдини олган маъқул эканлигини эслатиб ўтишни жоиз деб топдик.

br / Дастлабки сонлари катта олқишлар билан қарши олинган эди. Бироқ кейинги вақтлари шунчаки номига суратга олинаётгандек таассурот уйғотмоқда. Иштирокчилар кулгу эмас, фақат шунчаки саҳна кўринишларини ижро этишаётгандек бўлиб қолмоқда. Сценарийлар жуда суст. Бу балки ҳозир кўрсатувнинг шаклланиш жараёни кечаётгани билан боғлиқдир?. Малакали ҳажвчи муаллифлар билан ишлаш йўлга қўйилса, кўрсатув мухлислар қалбини ром этиши турган гап.

You must be logged in to post a comment Login