Энг антиқа ҳазиллар

1 апрел келиши билан кимдир турли ҳазилларга нишон бўлиб қолади, кимнидир алдашади. Дунё тарихида бу кун билан боғлиқ ҳазиллар бисёр. Келинг, шулар орасидан энг эсда қоларли апрел ҳазиллари ҳақида тўхталамиз…

Сакранг, уча оласиз!

1976 йилда астронавт олим Патрик Мур 1 апрел соат 09-47 да Плутоннинг Юпитер орқасидан ўтиш жараёнида ғайритабиий ҳодиса юз беришини, Ернинг тортишиш кучи камайишини, айни шу пайтда жойида туриб сакрайдиганлар уча олишлари мумкинлигини эълон қилади. Буни қарангки, бунга лаққа тушган минглаб содда одамлар айтилган соатда учиш умидида турган жойида сакрашган экан.

Қўлбола рангли телевизор

Швециянинг оқ-қора тасвирда кўрсатувларни узатадиган телеканалининг 1962 йил 1 апрел куни эфирга узатилган бир дастурида экранга чиққан муҳандис янги бир усул орқали рангли телевизор томоша қилишни айтади. Бу усул шундаки, оқ-қора рангдаги телевизорга рангли нейлон пайпоқни кийдириш кифоя. Юз минглаб инсонлар рангли телевизор кўриш умидида ўз телевизорларига нейлон пайпоқ кийдириб кўришган экан.

Дарахтда лағмон етиштириш мумкин

1957 йилнинг 1 апрел куни Англиянинг машҳур телеканалларидан бирида намойиш қилинган “Панарома” кўрсатувида қишнинг илиқ кечганлиги боис Швейцарияда лағмон дарахтлари мўл-кўл ҳосил бераётгани хабари берилади ва репортажга дарахтлардан лағмон йиғиб юрган “деҳқонлар” сурати қўшимча қилинади. Буни эшитган баъзи содда одамлар чиндан ҳам дарахтларда лағмон етиштиришга жиддий кириша бошлаган. Шундан сўнг телеканалга кўпроқ қўнғироқлар бўла бошлаган. Бундан шошиб қолган ТВ ходимлари “Бир қути помидор соусли лағмон экинг ва ҳосил етишиши учун дуо қилинг” деб жавоб бера бошлаган, шу тариқа хабарнинг ҳазил эканлиги ифода этишган.

Фалсафа орқали бейсболни ўрганган

“Sports Illustrated” журналининг 1985 йилги апрел сонида бир умр “Мец” клубида ўйнашни орзу қиладиган профессионал бейсболчи ҳақида ҳикоя қилинди. Мақолада Сидд Финч исмли бу инсоннинг бейсбол тўпини ёруғлик тезлигида жуда узоқ масофагача отиш хусусиятига эга эканлигига урғу берилади. Шу билан биргаликда Финч аслида шу пайтгача бейсбол ўйнамаганини, Тибет ибодатхоналаридан бирида бейсбол ўйнаш фалсафаси орқали таълим олгани қўшимча қилинган. “Мец” клубининг ишқибозлари бу қувончли хабарни эшитиб, ғайритабиий иқтидорга эга бейсболчи шарафига тантаналар ташкиллаштиришди. Лекин кўп ўтмай бу хабарнинг оддий ҳазил эканлиги ойдинлашади. Сидд Финч деган қаҳрамон эса ўйлаб топилган образ экан холос.

Πи сони ўзгаради

“Science and Reason” номли илмий журнали 1998 йилда Алабама штатида 3.14 га тенг келадиган π (Пи) сонининг ўлчови ҳисобга тўғри бўлиши учун “3.0” шаклида ўзгартириш учун махсус сўровнома ўтказилиши хабарини эълон қилади. Бундан хабар топган кўплаб одамлар таҳририятга қўнғироқ қилиб ўз норозиликларини баён қилишган, журнал ходимлари навбатдаги сонида бу хабарнинг ҳазил эканлигини билдирувчи мақола эълон қилишга мажбур бўлишган.

Чапақайлар учун гамбургер

Гамбургер савдоси билан шуғулланувчи “Burger King” фирмаси 1998 йилда бир газетага берган эълонида чапақайлар учун махсус гамбургер тайёрлашганини, уни ейиш чапқайлар учун жуда қулай эканлигини маълум қилишди. Эртаси куни ушбу фирма шохобчалари одатдагидан гавжум бўлиб кетди. Чунки кўпчилик чапақайлар учун тайёрланган гамбургердан тановвул қилишга ошиқишганди. Лекин фирма бунинг оддий ҳазил эканлигини маълум қилди.

Кўприкни шведлар сотиб олди

Германиянинг Шлезвиг-Гольштейн деган ҳудудида маҳаллий радиолардан бири Радер кўпригидан ўтаётганида 5 евро тайёрлаб қўйишни унутмасликни тавсия қилишди. Бунинг сабаби сифатида кўприкни Швецияга оид бир ширкат сотиб олгани ва байрам кунлари кўприкдан ўтиш пуллик эканлиги билдирилди. Ҳазил ишончли бўлиши учун радио мухбирлари шаҳар ҳокими, йўл патрул хизмати ходимлари, кўплаб сиёсатчилардан интервью ҳам олишганди.

Номаълум давлатнинг 10 йиллиги

1977 йилда Англиянинг нуфузли “The Guardian” нашри Ҳинд океанидаги Сан Сериф номли орол давлат ташкил қилинганлигининг 10 йиллигини нишонлаганини ва тўйга тўёна сифатида газетага қўшимча 7 саҳифалик илова сони чиқариб, Сан Сериф халқини байрам билан табриклаб чиқди. Газетхонлар ҳайрон, кўп ўтмай бу оддий ҳазил эканлиги ойдинлашди. Сан Сериф давлати журналистлар томонидан ўйлаб топилган хаёлий давлат бўлиб чиқади.

Ҳамза Ёқубов тайёрлади

strong

You must be logged in to post a comment Login