РАЪНО ЯРАШЕВА: “МЕНГА ОДАМЛАР: — “ИККИ ЁШНИ ЖУВОНМАРГ ҚИЛДИНГИЗ”, ДЕЙИШДИ…”

Санъаткор аёлларга осон тутиб бўлмйди. Ижод, изланиш, репитиция жараёнлари дегандек, уларнинг бир зум бўлса-да тин олишга вақти йўқ. Шундай пайтда улар яқинларининг кўмагига суянишга муҳтож. Нима қилсин, ахир улар саҳнасиз ҳаётиини тасаввур эта олмаса? Саҳифамизнинг бу галги қаҳрамони Раъно Ярашевани эса бугун нафақат орзуси ушалган актрисалар сирасига киритиш мумкин, балки, бахтли қайнона деб атасак ҳам муболаға бўлмайди. Сабаби, актрисамиз худдибошқа қайноналар сингари келин олдим деб, етти қават кўрпачанинг устида қайноналик гаштини сураётгани йўқ. У ҳамон изланишда ва мухлисларининг кўнглига йўл топишда давом этяпди.

— Мана, яқин орагача ўзбек миллий драма театри саҳнасида тақдим этиб келинган “Бевалар” спектакли фильм сифатида ҳам суратга олинди. Ниҳоят сиз унда ўзингиз орзу қилган рол Раъно образини яратдингиз…

— Зухра Солиева қаламига тегишли ушбу “Бевалар” спектакли театримиз саҳнасида қўйилганидан кейин мухлисларимиз томонидан илиқ кутиб олинди. Кейин шу спектаклнинг саҳналаштирувчи режиссёри Мунаввара Абдуллаева режиссёрлар билан маслаҳатлашган ҳолда фильм қилиб суратга олиш ҳақида ўйладилар. Кейин Зуҳра СОлиева ҳам спектаклнинг кино вариантини яратди. Яқинда фильмнинг суратга олиш ишлари яқинда тугади. Худо хоҳласа 15 декабр, ёки 15 январ кунлари “Бевалар” фильмининг премьераси бўлиб ўтиши кўзда тутилган. Бош Раъно ролида мен, қизим Мадина Мумтоз эса Дилдора ролида суратга тушдик. Фильмда Раъно ролини ўйнаш борасидаги ниятим амалга ошди. Энди яна бир ниятим бор. У ҳам бўлса, халқига, юртига фидоий, тажрибали, билимли шифокор аёл ролини ўйнашни истайман.

— Сизни бир икки марта салбий ролда кўрган мухлисларингиз фильмни ҳам, образингизни ҳам ҳазм қилишолмаган экан, шундайми?

— Биласизми, бизнинг устозхларимиз санъат олийгоҳида ўқиб юрган пайтларимизда агар бирор бир салбий ролни ўйнамоқчи бўлсак,

—Салбий роллардан иложи борича ўйнамаганларинг маъқул. Сабаби, мухлислар кеийн сизларни бир умрга ёмон кўриб қолади, дея маслаҳат берардилар. Шунга кўра мен иложи борича ижобий ролларни ўйнашга ҳаракат қилиб келганман. Аммо, шунга қарамай яқинда режиссёр Аюб Шаҳобиддинов ўзининг “Телба” фильмига, салбий образга таклиф қлган эди. Биласизми, шу фильмда салбий она ролида кўринганлигим учун, мухлисларим менга тинимсиз қўнғироқ қилиб,

—Раъно опа, иложи борича бундай салбий ролларни ўйнамасликка ҳаракат қилинг. Фильм тугаганидан сўнг сизни ҳамма мухлисларингиз сўкиб чиқиб кетишяпди, дейишган. Менга одамлар,

—Раънохон, бунақа ролларни ўйнаманг, шу иккита ёшни жуфонмарг қилдингизда, деганлари ҳам бўлди. Ҳатто бу ролга овозим ҳам мос тушмаганлиги учун, Ойбарчин Бакирова овоз берганлар.

— Театр ёки фильмда суратга тушаётган баъзи бир актёрлар ўзи ижро этаётган қаҳрамонининг руҳиятига сингишиб кетади… Сиз ҳам ўз ижодингиз давомида ана шундай ҳолатларга дуч келганмисиз?

— Биласизми, актёр профессионал бўлса, мен драматик рол ўйнадим деб, драматик, ёки бўлмаса комедик рол ўйнадим деб комедик инсон бўлиб қолмайди. Аммо, тан олиш керак, маълум маънода актёр учун ўйнаётган образининг таъсири бўлади. Масалан, мен “Соҳибқирон Амир Темур” спектаклида Бибихоним ролини ўйнаганимда ўзимни ўша тарихий аёл тимсолида тасаввур қилиб, юриш-туришим, ҳаракатларим, ҳатто гапириш оҳангимгача Бибихонимдек ўзгарганлигимни сезганман. Эрталаб уйқудан тургандаги ҳолатгача, маънан дунёқарашим ҳам худди ўша даврга хосдек, салобатли ва вазмин бўлиб қолган эдим. Замонавий спектакл ёки кинофильмларда репитиция жараёнининг ўртасида бир шингил латифа айтиб, кайфиятни кўтариб олиб яна давом этиш мумкин. Аммо, тарихий асарларда бунақа қилиб бўлмайди, жиддийроқ ёндошилади.

— Ҳозирги ёш актёрлар орасидаги рақобатни қандай баҳолайсиз?

— Худди илгаригидек, ҳозирги замонда ҳам омади чопган ва чопмаган, маҳоратли ва маҳоратсиз актёрлар бор. Бу нарса илгари ҳам бўлган, бизнинг замонимизда ҳам бўлган, мана энди ёшлар замонида ҳам давом этяпди. Лекин, ёшларимиздан хафа эмасман. Сабаби, улар анча интилувчан ва ўз устида ишлашяпти. Масалан, бизнинг театримизда Шодия Тўхтаева, Дилноза Кубаеваларни ана шундай интилувчан актрисалар сирасига киритиш мумкин. Қолаверса, йигитлардан Асадилла Набиев, Феруз Бурхонов, Бахтиёр деган йигитларимиз бор. Улар меҳнат бўйича ҳам, интилиш бўйича ҳам ёши катта актёрлардан қолишмайди. Ҳозирги кунда актёрларнинг ўзини кўрсатиши учун катта имкониятлар яратилган. Радиога ҳам бориши керак, телевидение, газетага ҳам бориши керак. Ҳар бир театрда ўзига яраша рақобат бор. Бу бир томонлама яхши албатта, чунки ҳар бир актёр бир бирига қараб, бир биридан яхшироқ ўйнашга ҳаракат қилади. Кино соҳасидаги рақобатни эса мен тан олмайман. Сабаби, бугун актёр ёки актриса бўлмаганлар ҳам кинода ўйнаб, режиссёрлар уларни юлдуз даражасига чиқариб қўйишяпти. Натижада барибир актёр билан ҳаваскорнинг фарқи билиниб қоляпти. Бундай актёрларнинг нимаси билан рақобат қилиш мумкин, ўйлаб кўринг? Барибир шу соҳада ўқиган, тажрибали актёрлар оддий халқ орасидан чиққан ҳаваскордан ажралиб туради ва ўз мавқеини ушлаб туради.

— Ўзингиз актриса бўла туриб нега қизингизнинг фильмларда суратга тушишига қаршилик қиляпсиз? — Йўқ, унақамас. Чунки менинг ўзим санъат соҳасини танлаганимда акаларим қаршилик роса қаршилик қилишган. Лекин барибир мана пешонмга ёзган экан, актриса бўлиб қолавердим. Ёшлигимда,

— Агар фарзандларим санъат соҳасини танлайдиган бўлишса, ҳеч қачон қаршилик қилмайман, деб ўзимга ўзим сўз берган эдим. ШУнинг учун қизим Мадинанинг рол ўйнашига қарши эмасман. Фақат у кинога туша бошлаганида режиссёрлардан ҳар хил оғир роллар таклифи туша бошлади. Масалан, хўрланган, алданган қиз, ёмон йўлда юрадиган қизлар… трагик ролар дегандай… Мен мана шундай қалтис ролларни ўйнашига қаршилик қилдим халос. Сабаби, мен “Севинч” фильмида она ролини ўйнаганман, агар кўрган бўлсангиз? Шу фильмда меннинг қаҳрамоним автоҳалокатга тушиб, шифохонада ётади. Ишонасизми, айнан шу фильмда суратга тушганимга ҳеч қанча ўтмай мен автоҳалокатга учраб, шифохонага тушиб қолдим. Шунинг учун бундай ролларни қизимга раво кўрмайман. Кейин режиссёрлар Мадинага ҳар хил ҳарактерли роллар бера бошлашди. Масалан, “Ўзимдан ўзимгача” фильмидаги шаддод қиз, “Жаноб ҳеч ким”да боксчи роли ва ҳ.к. Ҳозирги кунда у менинг танқидчим,мен унинг танқидчиси бўлиб бир биримизни қўллаб-қувватлаб турибмиз.

— Оналик меҳрини бир четга суриб, оддий ҳолис мухлис сифатида қизингиз Мадина Мумтознинг хонандалик фаолиятига қандай баҳо берасиз?

— Келинг, биринчи оналик меҳри билан жавоб бера қолай. Мадина Мумтоз аввалига эстрада йўналишини танлаганида, мен бунга рўйҳушлик бермадим.

—Қўшиқ айтмоқчи бўлсанг, мақом айтмасанг бу соҳага сенга ўл йўқ дедим. Биласиз, мақомнинг ҳам ўз йўли бор. Кейин мақом бўйича таҳсил ола бошлади. Ҳозирда Дилором Омонуллаевадан миллий эстрада йўналишини ўрганяпди. Мақомда ҳам, эстрада йўлида ҳам яхши қўшиқ айта олади, деб айта оламан. Қолаверса, унга Мадина Мумтоз деган таҳаллусни ҳам устози Фарида Афруз танлаб қўйган. Яъни, мумтоз қўшиқларнинг куйчиси бўлсин, деб. Камчиликларига келсак, албатта. Ҳеч бир ижод намунаси камчиликсиз бўлмйди. Ҳозирда Мадина ўз йўлини топишга ҳаракат қиляпди. Шунинг учун камчиликлари бўлиши ҳам табиий.

Моҳичеҳра ЭШМИРЗАЕВА

You must be logged in to post a comment Login